Андижонда 206 та янги инвестиция лойиҳаси ишга туширилди

Андижонда инвестициявий фаоллик янада кучайиб, йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев вилоятга ташрифи доирасида янги инвестиция лойиҳаларини ишга тушириш ва қурилишига старт бериш маросимида иштирок этди.
Умумий қиймати 9,4 миллиард доллар бўлган 206 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Шундан 98 таси ишга туширилди, 108 тасининг қурилиши бошланди.
Лойиҳалар энергетика, қурилиш, тўқимачилик, машинасозлик, фармацевтика, туризм, логистика, таълим ва соғлиқни сақлаш каби соҳаларни қамраб олади. Улар вилоятнинг барча 16 та шаҳар ва туманида амалга оширилади.
Натижада 45 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилиши, йилига 60,6 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш ҳамда 533 миллион долларлик экспорт имконияти яратилиши кутилмоқда.
Лойиҳалар Хитой, Туркия, Жанубий Корея, АҚШ, Россия, Германия, Ҳиндистон, БАА ва бошқа давлатлар компаниялари ҳамда маҳаллий инвесторлар билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
Мазкур лойиҳалар Андижоннинг иқтисодий салоҳиятини янада юксалтириш, янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилади.
