АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги: Ўзбекистон пахта ишлаб чиқаришда пасайиш билан юзма-юз келди

АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (УСДА) ҳисоботи маълумотларига кўра, 2025/26 йилга келиб Ўзбекистонда пахта толаси ишлаб чиқариш 6 фоизга камайиб, 620 минг тоннага тушади. Шу билан бирга, ички истеъмол 670 минг тоннагача ошиб, импортга қарамликни кучайтиради.
Ҳисоботга кўра, ип-калава ва тўқима матолар экспорти ҳам камаймоқда: Хитой ва Туркияга етказиб бериш мос равишда 41% ва 35% га қисқарган, Россияга трикотаж маҳсулотлари экспорти эса 18% га камайган.
Бунга асосий сабаблар сифатида экин майдонларининг қисқариши, электр энергияси харажатларининг ошиши ва меҳнат кучи танқислиги кўрсатилган.
Шунингдек, ҳисоботда айтилишича, Ўзбекистон ҳолатни барқарорлаштириш мақсадида юқори ҳосилдор навларни жорий қилмоқда, пахта йиғим-теримида механизацияни кучайтирмоқда (қўл меҳнатининг улуши 70% гача тушган) ва 650 та лабораториядан иборат тармоқ орқали зараркунандаларга қарши биологик назоратни олиб бормоқда.
Шу билан бирга, бозор ислоҳотлари ва экологик барқарорлик сертификатсияси бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда.
Бироқ, ҳисоботда қайд этилишича, асосий муаммолар — энергия ресурслари нархининг ўсиши ва малакадаги кадрлар етишмовчилиги — Ўзбекистоннинг жаҳон бозоридаги ўрнини сақлаб қолиши учун зудлик билан ҳал этилиши керак.
