Хитой инвесторлари Ўзбекистонда йирик тўқимачилик корхонаси қуришни режалаштирмоқда

“Дунё” АА хабарига кўра, Хитой компаниялари Ўзбекистонда тўқимачилик ва қурилиш соҳаларига инвестиция киритишга қизиқиш билдирмоқда. Ўтказилган музокаралар давомида хитойлик инвесторлар мамлакатдаги қулай инвестиция муҳити ва яратилган имкониятлар билан таништирилди.
Халқаро тўқимачилик ва тайёр тикувчилик савдосига ихтисослашган “Жиахинг Ҳоубанг” компанияси Ўзбекистонда йирик тўқимачилик корхонаси қуриш масаласини кўриб чиқаётганини маълум қилди. Шунингдек, Хитойнинг йирик муҳандислик-қурилиш гуруҳи “Зиченг Унитед” мамлакатимизда ўз филиалини очишга қизиқиш билдириб, компания раҳбари жорий йилнинг ёз ойларида Ўзбекистонга ташриф буюришни режалаштирмоқда.
Мазкур ташаббуслар Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги инвестициявий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаши, янги иш ўринлари яратилиши ҳамда мамлакат саноат салоҳиятининг ошишига хизмат қилиши кутилмоқда.
