"Ипак йўли"да янги босқич: Туркманистоннинг шарқий ҳудудида саноат жадал ривожланмоқда

Туркманистоннинг шарқида жойлашган Туркманобод ипак ишлаб чиқариш бирлашмаси қадимий анъаналар ва замонавий технологияларни уйғун ҳолда қўллаб, ипак саноатини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқмоқда.
1931- йилда ташкил этилган ва “Türkmenpagta” давлат концернига қарашли ушбу корхона мамлакатдаги энг йирик ва энг қадимий ишлаб чиқариш масканларидан бири ҳисобланади. 2025 йилнинг биринчи ярмида бу ерда 33,5 тонна ипак хомашёси ишлаб чиқарилди, бу режани 119,3 фоизга бажаришни англатади. Бундан ташқари, 4,9 миллион квадрат метр пахта матоси ва 60 минг квадрат метр ипак мато ишлаб чиқарилди.
Корхонада 900 га яқин мутахассис ва ишчи фаолият юритади. Шунингдек, бу ерда индивидуал буюртмалар асосида энг нозик ипак гиламлар ҳам тўқилади.
Бой тажриба, малакали кадрлар ва модернизацияланган технологиялар туфайли Туркманобод бирлашмаси нафақат ички, балки халқаро бозорда ҳам ўз мавқеини тобора мустаҳкамлаб бормоқда.
