Наманганда қиймати 27 миллион долларлик тўқимачилик корхонаси ишга туширилди

Наманган вилоятида саноат салоҳиятини ошириш ва янги иш ўринлари яратишга қаратилган йирик инвестиция лойиҳалари изчил амалга оширилмоқда. Ана шундай лойиҳалардан бири Уйчи туманида фаолият бошлаган “Баркас Текс” тўқимачилик корхонасидир.
Умумий қиймати 27 миллион АҚШ долларини ташкил этувчи мазкур корхона ишга туширилиши натижасида 600 нафар фуқаро доимий иш билан таъминланди. Корхонада замонавий технологиялар асосида сифатли тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилган бўлиб, йилига 10 миллион АҚШ доллари миқдорида маҳсулот экспорт қилиш режалаштирилган.
Янги корхона нафақат ҳудуднинг саноат ва экспорт салоҳиятини ошириш, балки аҳоли бандлигини таъминлаш ва иқтисодий фаолликни кучайтиришга ҳам хизмат қилади. Бундай лойиҳалар юртимизда саноатни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли фаровонлигини юксалтириш йўлидаги муҳим қадам бўлиб қолмоқда.
