Дунёда

Нарх ва Сифат: Тадқиқот қиммат кийим ҳар доим ҳам чидамли эмаслигини исботлади

Нарх ва Сифат: Тадқиқот қиммат кийим ҳар доим ҳам чидамли эмаслигини исботлади

Маҳсулотнинг юқори нархи ҳар доим ҳам унинг юқори сифатига далолат бермайди. Лидс Тўқимачилик ва ранг институти ҳамда WRAP (Буюк Британия) томонидан ўтказилган тадқиқот бу оммабоп мифга барҳам берди.

Барқарор мода ривожига бағишланган лойиҳа доирасида турли брендларга тегишли 47 та футболка (ҳам арзон, ҳам люкс) турли тестлардан ўтказилди: 50 марта ювиш, қуритиш, юмолақланишлар ҳосил бўлиши, қисқариш, ранг чиқиши ва умумий кўриниши баҳоланди.

Натижалар ҳайратланарли . Энг қиммат футболка — £395 ($530) — 47 та футболкалар орасида фақат 28-ўринни эгаллади. Шу билан бирга, бор-йўғи £4 ($5,35) турган арзон футболка ундан икки баробар яхши натижа кўрсатиб, 15-ўринни эгаллади. Энг чидамли футболка £28 ($37,5) турса, энг сифатсизи- £29 ($38,9) эди.

Тадқиқот шуни кўрсатдики, кийимнинг чидамлилиги унинг нархига эмас, балки мато таркиби ва тикиш сифатига боғлиқ. Синтетик толали (полиэстер, эластан) маҳсулотлар, одатда, кўпроқ чидамли бўлади. Лекин 100% пахтадан тайёрланган футболкалар ҳам яхши тикилган бўлса, узоқ муддат хизмат қилиши мумкин.

Мутаҳассислар таъкидлашича, кийимнинг чидамлилиги барқарор моданинг асосидир ва бу ҳар қандай нарх сегментида амалга ошиши мумкин. Буюк Британиянинг ўзида ҳар йили 700 минг тоннага яқин мато чиқиндиси юзага келади. Шу сабабли "кўпроқ тўлаб узоқроқ кийиб юр" тамойили ўз аҳамиятини йўқотмоқда.

Шунинг учун харид пайтида бренд учун ортиқча тўламасдан, маҳсулотнинг таркиби, тикилиши ва реал хусусиятларини баҳоланг.

Батафсил ўқиш Вобкентда ипакдан гилам тўқиш цехи ишга тушди