Ўзбек тўқимачилик маҳсулотларига Шарқий Сибирда талаб катта

Ўзбекистон маҳсулотлари учун савдо-логистика марказларини яратиш бўйича янги лойиҳа Иркутск вилояти ҳукумати томонидан ишлаб чиқилмоқда.
Иркутск вилояти Иқтисодий ривожланиш ва саноат вазири ўринбосари Марина Петрованинг сўзларига кўра, минтақа аҳолиси орасида озиқ-овқат маҳсулотлари ва халқ истеъмоли товарлари, айниқса тўқимачилик маҳсулотлари катта талабга эга. Шу муносабат билан Иркутскда савдо-логистика марказларини ташкил этиш масаласи кўриб чиқилмоқда.
Бундай марказларнинг яратилиши икки томонлама фойда келтириши кутилмоқда: бир томондан, ўзбек ишлаб чиқарувчилари учун янги экспорт йўллари очилади, иккинчи томондан, Иркутскдаги талаб ошиши савдо ва иқтисодий алоқаларнинг ривожланишига хизмат қилади.
2025-йил апрель ойи бошларига келиб, Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги савдо ҳажми 2,8 миллиард доллардан ошди. Бу эса икки давлат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
