Ўзбекистон бўйлаб халқаро брендлар учун аутлет-марказлар тармоғи барпо этилмоқда

Ўзбекистоннинг туризм ва савдо соҳаларини ривожлантириш ҳамда халқаро брендларни жалб қилиш мақсадида Президент қарорига мувофиқ мамлакат бўйлаб замонавий аутлет-марказлар тармоғи барпо этилади.
Ушбу лойиҳани амалга ошириш учун Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Туризм қўмитасига халқаро брендларни жалб қилиш ва шаҳар чеккаларида аутлет-марказлар тармоғини яратиш вазифаси юклатилган.
Режа икки босқичда амалга оширилади: биринчи босқичда, яъни 2030 йилгача Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива атрофида марказлар ишга туширилади. Иккинчи босқичда эса юқори туристик салоҳиятга эга бошқа ҳудудларда ҳам шундай замонавий аутлет-марказлар очилиши режалаштирилган.
Ушбу ташаббус нафақат мамлакат туризм ва савдо салоҳиятини оширишга, балки аҳолига сифатли хизматлар тақдим этиш ва халқаро брендлар билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйишга хизмат қилади.
