Ўзбекистон ва АҚШ пахта етказиб бериш бўйича йирик халқаро шартнома имзолади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев АҚШга ташриф давомида АҚШ савдо вазири Ховард Латник ҳамда етакчи компаниялар, инвестиция фондлари ва молиявий институтлар раҳбарлари билан давра суҳбати ўтказиб, икки томонлама бир қатор битимларни имзолади.
Ўзбекистоннинг пахта ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини халқаро бозорларда янада мустаҳкам позицияга чиқариш мақсадида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шу доирада АҚШдан пахта етказиб бериш ва Американинг илғор томчилатиб суғориш технологияларини жорий этиш бўйича дастлабки шартномалар тузилди.
Музокаралар якунида қўшма лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва инвестициявий ҳамкорликни фаоллаштириш мақсадида махсус платформа яратиш масаласи ҳам келишиб олинди. Ушбу ҳамкорлик Ўзбекистон пахтаси ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг халқаро бозордаги рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.
