Ўзбекистон

Ўзбекистон ва Покистон чарм саноати соҳасида ҳамкорлик қилмоқда

Ўзбекистон ва Покистон чарм саноати соҳасида ҳамкорлик қилмоқда

Ўзбекистон Республикаси ва Покистон Ислом Республикаси ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик изчил равнақ топаётгани натижасида, чарм-пойабзал саноати йўналишида ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича амалий қадамлар қўйилмоқда.

Шу мақсадда Тошкент шаҳрида “Ўзчармсаноат” уюшмаси ва Покистоннинг етакчи чарм-пойабзал компаниялари иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Тадбир доирасида Покистонлик тадбиркорлар Ўзбекистондаги кичик саноат зоналари, мавжуд инфратузилма, солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда сармоядорлар учун яратилган шароитлар билан танишдилар.

Жумладан, “Cosmopolitan Энтерприсес”, “Мадина Оасис”, “Ж&С Тимелесс Леатҳер” каби Покистон компаниялари маҳаллий корхоналар билан ҳамкорликда қўшма ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш, франчайзинг модели асосида ўз брендларини Ўзбекистонда жойлаштириш ҳамда келгусида маҳсулотларни хорижий бозорларга экспорт қилишга қизиқиш билдирди. Қатор компаниялар саноат зоналарида ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш ниятида эканини маълум қилди.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг қулай географик жойлашуви ва ривожланган логистика инфратузилмаси Покистон компанияларида катта қизиқиш уйғотди. Делегация вакиллари ишлаб чиқарилган маҳсулотларни Европа, Туркия, Россия, Марказий Осиё ва Хитой бозорларига экспорт қилиш имкониятлари бўйича амалий таҳлиллар олиб борди.

Учрашув якунида икки томонлама манфаатли ҳамкорликка қаратилган қатор қўшма лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан дастлабки келишувларга эришилди.

Батафсил ўқиш 2025-йилнинг иккинчи чорагида энг машҳур брендлар ва махсулотлар рейтинги