Ўзбекистон ва Россия: Тўқимачилик саноатидаги ҳамкорлик янги босқичга чиқмоқда

«Дунё» АА маълумотларига кўра, Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатлар изчил суръатда ривожланмоқда. Яқинда Красноярск шаҳрида бўлиб ўтган учрашувда, айниқса Красноярск ўлкаси ва Ўзбекистон вилоятлари ўртасида ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди. Томонлар тўқимачилик, кон саноати, кимё ва ёғочни қайта ишлаш каби йўналишларда қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёр эканликларини билдирдилар.
Красноярск томони Ўзбекистоннинг тўқимачилик маҳсулотларига катта қизиқиш билдириб, ушбу маҳсулотлар учун Красноярскда доимий шоу-рум ва тайёр маҳсулотлар омбори ташкил этиш таклифини илгари сурди. Бу икки мамлакат тадбиркорлари ўртасидаги мулоқот амалий йўналишга эга эканини кўрсатади.
Бундан ташқари, 2025 йил август ойида Красноярск тадбиркорларидан иборат делегациянинг Ўзбекистонга ташрифи режалаштирилган бўлиб, ташриф доирасида Олмалиқ кон-металлургия комбинати ҳамда Чирчиқ, Самарқанд ва Фарғона шаҳарларига борилиши кўзда тутилган. Сентябрь ойида эса Красноярскда Самарқанд, Фарғона ва Сурхондарё вилоятлари ишбилармонлари иштирокида бизнес-форум ўтказилиши белгиланган.
