Ўзбекистон ва Туркия тўқимачилик ҳамда чарм-пойабзал соҳасида ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Дунё АА хабарига кўра, Ўзбекистоннинг “Ўзтўқимачиликсаноат”, “Ўзчармсаноат” уюшмалари ва бир нечта эркин иқтисодий зоналар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ Туркиянинг Истанбул, Бурса, Измир, Коня, Денизли, Айдин, Каҳраманмараш ва Ғазиантеп шаҳарларига ташриф уюштирди.
Ташриф давомида улар 85 дан ортиқ йирик турк компаниялари — жумладан, “Defacto”, “Эроглу Ҳолдинг”, “Кипаш Ҳолдинг”, “Люкс Аяккаби” ва бошқалар билан учрашиб, ишлаб чиқариш жараёнлари билан яқиндан танишди ва тўқимачилик ҳамда чарм-пойабзал соҳасидаги ишлаб чиқариш салоҳияти ҳамда ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилди.
Шунингдек, турк компаниялари 7-9 октябрь кунлари ўтказиладиган “Узбек Импорт Фаир 2025” ҳамда 28-30 октябрда бўлиб ўтадиган “UzCharmExpo 2025” кўргазмаларида иштирок этиш учун Ўзбекистонга сафар уюштириш бўйича келишувга эришилди.
Бундан ташқари, “Атлас Суни Дери”, “Кошак Ayakkabı” ва “Lüks Ayakkabıcılık” компаниялари билан чарм маҳсулотлари экспортини йўлга қўйиш бўйича ҳам келишувлар имзоланди.
