Ўзбекистонда тўқимачилик чиқиндиларини қайта ишлаш лойиҳаси тақдим этилди

Ўзбекистон Республикаси Наманган вилоятида 1,8 миллион долларлик муҳим инвестициявий лойиҳаси амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳа тўқимачилик саноатидаги чиқиндиларни қайта ишлаб, улардан янги калава ип ишлаб чиқаришга қаратилган.
Лойиҳа “Мадина Муаззам” компанияси томонидан илгари сурилган бўлиб, янги иш ўринлари яратиш, экспорт ҳажмини ошириш ҳамда экологик барқарорликни таъминлашга хизмат қилади. Режага кўра, йилига 2,5 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиниши ва корхонада 50 нафар янги ходим иш билан таъминланиши кўзда тутилган.
Лойиҳанинг ўзига хос жиҳати — чиқиндиларни ташлаб юбормай, қайта ишлаб, сифатли ипга айлантиришдир. Бу фақат ишлаб чиқариш эмас, ресурслардан масъулият билан фойдаланиш ва яшил иқтисодиётни ривожлантиришга қаратилган қадамдир.
Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов лойиҳа билан мазкур корхонага ташрифи чоғида танишди. Ҳозирда корхонада 80 нафар ишчи фаолият юритмоқда ва ишлаб чиқарилган маҳсулотлар тўлиқ экспортга йўналтирилган.
