Ўзбекистонлик аёллар Ҳиндистонда йирик тўқимачилик шартномаларини имзолади

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси маълумотига кўра, Деҳлида ўтган «Марказий Осиё — Ҳиндистон» бизнес-форуми доирасида ўзбекистонлик аёл тадбиркорлар жами 13 миллион доллар миқдоридаги шартномаларни имзолади. Ушбу келишувлар асосан, тўқимачилик, тиббиёт ва таълим соҳаларини қамраб олади.
Хусусан, Артатех компанияси ҳиндистонлик Агрогиам компанияси билан 2 миллион доллар қийматида адрас матосини экспорт қилиш бўйича шартнома тузди. Нуртех компанияси Ҳиндистонга 2,5 миллион доллар миқдорида тиббий кийимлар етказиб бериш бўйича келишувга эришди. LaSposa тўй салонлари эса Ҳиндистондан 1 миллион долларлик мато харид қилади.
Учрашувлар доирасида аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, ИТ-таълим ташкил этиш ва тиббиёт соҳасида малака ошириш бўйича ҳамкорлик меморандумлари ҳам имзоланди.
