Қашқадарёда 24,5 млн евро қийматдаги йирик тўқимачилик корхонаси очилмоқда

Қашқадарёнинг Қасби туманида "Римпех Полимер" МЧЖнинг “Пахта ва сунъий толадан аралаш калава ип ишлаб чиқариш ва тўқимачилик чиқиндиларини қайта ишлаш” инвестиция лойиҳаси доирасида йирик корхона очилмоқда. Вилоят ҳокими Муротжон Азимов корхонага ташриф буюриб, қурилиш ва ишлаб чиқариш жараёнлари билан яқиндан танишди ҳамда лойиҳанинг самарали ва ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш бўйича топшириқлар берди.
Корхона йилга 8000 тонна маҳсулот ишлаб чиқариши ва 14 млн АҚШ доллари ҳажмида даромад келтириши кутилмоқда. Лойиҳа қиймати 24,5 млн евро бўлиб, 2026 йил сентябрда ишга туширилиши ва 500 нафар аҳоли иш билан таъминланиши режалаштирилган.
Ушбу лойиҳа Қасби туманидаги саноат салоҳиятини янада кучайтириши ва маҳаллий аҳоли учун янги имкониятлар эшигини очиши кутилмоқда.
