Заҳарли моддалардан ҳимоя қилувчи инновацион мато

Инновацион тўқима ёнғин ўчирувчилар ҳамда тиббиёт соҳаси учун мўлжалланган ҳимоя кийимларини тайёрлашда қўлланилиши мумкин.
Россияда олимлар томонидан токсик моддалардан ҳимоя қилувчи махсус тўқилган мато ишлаб чиқилди. Материал асосини пахта ёки синтетик тўқима ташкил этиб, унинг юзасига металл-органик полимерларнинг наноқатламлари суртилган. Ҳар бир қоплама ўзини хос ҳимоя хусусиятига эга:
- Цирконий асосидаги қатлам – ҳаводаги заҳарли моддаларни ушлаб қолиб, инсон терисини уларнинг салбий таъсиридан ҳимоя қилади.
- Мисли полимер қоплама – вирус ва бактерияларга қарши самарали ҳимоя яратиб, тиббий ниқоблар ва кийимларда фойдаланиш имконини беради.
- Фотокаталитик қоплама – сувдаги зарарли моддаларнинг парчаланишига кўмаклашиб, уни тозалашда қўлланилади.
Инновацион технологияларга асосланган ушбу материал нафақат хавфли иш шароитида, балки экологик муаммоларни ҳал этишда ҳам қўлланилиши мумкин. Мазкур ихтиро расман патентланган бўлиб, уни саноат миқёсида жорий этиш бўйича тадқиқот ишлари давом этмоқда.
