“Адонис Традинг Техтиле” корхонаси фаолиятини кенгайтирмоқда

Наманган вилоятининг Уйчи туманида фаолият юритаётган “Адонис Традинг Техтиле” МЧЖ ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириб, янги йўналишларни изчил ривожлантирмоқда.
Корхона дастлаб нотўқима матолар ишлаб чиқаришга ихтисослашган бўлса, бугунги кунда сунъий тола, резина ҳамда импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ҳам йўлга қўйган. Амалга оширилаётган лойиҳалар натижасида 60 га яқин янги иш ўрни яратилди.
Ҳозирда корхонада ойига 1 тоннадан ортиқ резина маҳсулотлари ва 360 минг метр нотўқима мато ишлаб чиқарилмоқда.
Маҳсулотларнинг бир қисми экспорт қилиниб, бугунги кунга қадар 280 минг АҚШ доллари миқдорида экспорт амалга оширилди.
Шунингдек, корхонада ишга туширилган замонавий цех 130 тонна хом ашё тайёрлаш қувватига эга бўлиб, бу ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва экспорт салоҳиятини янада кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Корхонада амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар ҳудуд саноатини ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва экспорт кўрсаткичларини оширишда муҳим ўрин тутмоқда.
