Дунёда

Аждодларимизнинг мода тарихи

Аждодларимизнинг мода тарихи

Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз: дизайнерлик коллекциялари, подиумлар ва машҳур модалар уйлари пайдо бўлишидан олдин одамлар нималар кийган? Сўнгги илмий кашфиётлар қадимги кийим-кечак оламига ёрқин нур солди ва бу ҳикоя ҳақиқатан ҳам жуда ҳайратомуз.

Археологлар Кавказдан Жанубий Сибиргача бўлган ҳудуддаги қазишмалар вақтида 3 300 йиллик, яхши сақланиб қолган матоларни топишди. Ўрганилган 60 га яқин намунада деярли барчаси қўй ёки эчки жунидан тайёрлангани аниқланган. Фақат битта намунада от юнги учраган — бу давр учун ноёб ҳолат саналади.

Ўша пайтларда жун бугунгидек қирқилмаган, балки ҳайвонлардан тараш ёки юлиш орқали олинган. Баъзи толалар эса жанубий ҳудудлардан олиб келинган бўлиб, улар ўз даврининг “премиум матолари” сифатида қадрланган. Жунни қайта ишлаш технологияси милоддан аввалги ИИИ минг йилликда Яқин Шарқдан Кавказга келган, кейин эса Шарқий Европа, Урал ва Сибиргача тарқалган.

Бироқ қадимги кийим фақат жун билан чекланмаган. Ҳозиргача топилган энг қадимги кийим — 5 900 йиллик қамишдан тайёрланган юбка саналади. Дунё бўйича энг қадимги кўйлак эса 5 000 йилдан ортиқ тарихга эга Таркхан либосидир — у лёндан тикилган. Қизиғи шундаки, шимлар нисбатан кечроқ — тахминан 3 000 йил аввал пайдо бўлган. Унгача эркаклар ҳам, аёллар ҳам туника, юбка ёки елка ёпадиган либослар кийишган.

Елка кийимлари ичида энг қадимги “свитер” — тахминан 1 700 йиллик жун кофта ҳисобланади. Энг қадимги “аксессуар” эса 1 600 йиллик жун пайпоқлардир. Бундай винтаж жуфтликни кийиб кўришни хоҳлармидингиз?

Ички кийимлар эса анча кечроқ — тахминан 600 йил аввал пайдо бўлган. Аммо шунга қарамай, унинг шакли ва вазифаси деярли ўзгармаган.

Умуман олганда, инсоният тарихидаги энг қадимги матолар лён, пахта, жун ва ипак бўлган. Лёндан милоддан аввалги 5 000 йилда, пахта ва жундан эса 3 000-йилларда фойдаланилган. Ипак эса қадимий Хитойда милоддан аввалги 2 500 йилларда пайдо бўлган.

Кийим тарихи — бу нафақат мато ва технологиялар эволюцияси, балки инсониятнинг эҳтиёжлари, ижодкорлиги ва ўзини ифода этишга бўлган интилишининг ҳам тарихидир. Кийим ҳар доим шунчаки совуқдан сақловчи восита эмас, балки маданият тили, ижтимоий мавқе белгиси ва давр руҳи ифодаси бўлган.

Шундай экан, кейинги сафар кийим танлаётганингизда, ёдингизда бўлсин: эҳтимол, сизнинг услубингиз аждодларингиздан меросдир.

Батафсил ўқиш Туркиянинг нуфузли журнали Ўзбекистонни чарм-пойабзал саноатида Марказий Осиёнинг янги бренди сифатида эътироф этди