АҚШда кийим-кечак ва бошқа минглаб товарлар нархи ошади

АҚШ 150 дан ортиқ мамлакатлардан, шу жумладан Ўзбекистондан импорт қилинадиган товарларга 10% божхона тўловини жорий этди.
2025-йил 2-апрель куни Президент Дональд Трамп АҚШга импорт қилинадиган барча товарларга янги божхона тўловларини жорий этганини эълон қилди. Унинг режасига кўра, барча импорт учун 10% асосий тариф белгиланди.
Аммо айрим мамлакатлар учун юқори тарифлар белгиланди. Хитой ва Тайвань учун 32%, Ҳиндистон учун 26%, Эвропа Иттифоқи мамлакатлари учун эса 20% ставка қўлланилади.
Бренд маҳсулотларини, жумладан Америка бренлари учун ҳам тикиб берувчи тўқимачилик давлатлари истиснодан ҳоли эмас. Бундай давлатлар қаторига Вьетнам - 46%, Бангладеш - 37%, Таиланд - 36%-, Тунис - 28% ва Покистон - 29% киради. Туркия ва Миср учун тарифлар 10% даражасида қолмоқда.
Марказий Осиё мамлакатлари учун 10% божхона тўлови белгиланди, фақат Қозоғистон учун бу ставка 27%ни ташкил этади.
Дональд Трампнинг сўзларига кўра, ушбу чора-тадбирлар адолатсиз савдо амалларини бартараф этиш ва АҚШдаги иш ўринларини ҳимоя қилишга қаратилган. Шунингдек, 2-апрелни "Озодлик куни" деб эълон қилди.
Божхона тўловларининг оширилиши мувофиқ равишда АҚШ истеъмолчилари учун нархларга, айниқса тўқимачилик маҳсулотлари ва кийим-кечак нархларига таъсир қилиши кутилмоқда.
АҚШга экспорт қилувчи компаниялар, хусусан, тўқимачилик саноати ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида ишловчи фирмалар янги шароитларга мослашиш ёки альтернатив савдо йўналишларини излашлари керак бўлади.
