Беларусьда Ўзбекистон Савдо уйи очилди

Ўзбекистоннинг хориждаги савдо уйлари тармоғи яна биттага кенгайди. 8 июль куни Беларусь пойтахти Минск шаҳрида Ўзбекистон Савдо уйининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Янги Савдо уйи Ўзбекистон маҳсулотларини Беларусь бозорида кенг тарғиб қилиш, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун янги экспорт йўлларини очиш ҳамда икки мамлакат тадбиркорлари ўртасидаги тўғридан тўғри ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади.
Савдо уйида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган электр техникаси, тўқимачилик, уй-рўзғор буюмлари ва бошқа экспортбоп маҳсулотлар доимий равишда намойиш этилиб, Беларусь харидорларига улгуржи нархларда таклиф этилади.
Мазкур савдо майдонининг ишга туширилиши Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ҳамда қўшма инвестиция ва ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш учун муҳим қадам ҳисобланади.
