Ўзбекистон

Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги ташкил этилди

Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги ташкил этилди

Ўзбекистон Президентининг 2025 йил 19 сентябрдаги ПФ–174-сонли Фармонига мувофиқ, мамлакатимизда енгил саноат соҳасини янада ривожлантиришга қаратилган муҳим ташаббус амалга оширилди — Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги ташкил этилди.

🔹 Агентлик Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида фаолият юритади ва тўқимачилик, чарм-пойабзал, ипакчилик ҳамда гиламчилик соҳаларида устувор йўналишларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича ваколатли давлат органи сифатида хизмат қилади.

Агентлик фаолияти орқали юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш, экспорт ҳажмини ошириш ҳамда соҳадаги корхоналарни қўллаб-қувватлаш учун қўшимча шарт-шароитлар яратилиши кўзда тутилган.

Шу билан бирга, агентлик қошида Енгил саноатни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳам ташкил этилади.

2025 йил 1 октябрдан бошлаб, енгил саноат корхоналари учун қуйидаги молиявий қўллаб-қувватлаш чоралари амалга оширилади:

✔️ халқаро брендлар билан ҳамкорлик қилиш, маҳсулотларни стандартлаштириш ва сертификатлаш, шунингдек, молиявий ҳисоботларнинг халқаро стандартларини жорий этишни қўллаб-қувватлаш;

✔️ экспорт шартномалари бўйича суғурта харажатларини қоплаш, мутахассисларни ўқитиш учун грантлар ажратиш;

✔️ хорижий давлатларда савдо уйлари ташкил этиш ва сақлаш, офислар, савдо ва омбор биноларини ижарага олиш, маркетинг ва реклама кампанияларини амалга ошириш билан боғлиқ харажатларнинг бир қисмини қоплаш.

Янги ташкил этилган агентликнинг фаолияти мамлакатимизда енгил саноатни рақобатбардош, экспортбоп ва инновацион соҳалар қаторига чиқаришга хизмат қилади.

Батафсил ўқиш Марк Формелле дан чақалоқлар учун махсус “Бабй Лине” кийимлари