Францияда ўзбек ҳунармандчилиги маҳсулотлари савдо уйи очилди

Ўзбек брендларини Европа бозорига олиб чиқиш йўлида яна бир муҳим қадам ташланди — “Дунё” АА хабар беришича, Францияда “Маде ин Узбекистан” бренди остида ўзбек ҳунармандчилиги маҳсулотлари савдо уйи фаолиятини бошлади. Лойиҳа Ўзбекистон элчихонаси, Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ва “Тадбиркор аёл” халқаро ишбилармон аёллар ассоциацияси ҳамкорлигида амалга оширилди.
Янги савдо майдонида хотин-қизлар ва ногиронлиги бўлган шахслар томонидан тайёрланган миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари тақдим этилади. Лойиҳанинг асосий мақсади — Францияда ўзбек маҳсулотларини кенг танитиш, янги ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ва маданий мулоқотни мустаҳкамлашдан иборат.
Мазкур ташаббус ўзбек брендларининг Европа бозоридаги мавқеини кучайтириш ва экспорт салоҳиятини янада оширишга хизмат қилади.
