Онлайн платформалардан товарлар учун ЕИ томонидан божхона назорати кучайтирилади

Европа Иттифоқи Тему, Шеин, Амазон ва бошқа онлайн-платформалар орқали келаётган товарларнинг божхона назоратини кучайтириш учун божхона ислоҳотини тайёрламоқда. Энди товарларнинг ЕИ стандартларига мослиги, божхона тўловлари ва ҚҚС тўлови учун платформаларнинг ўзи жавобгар бўлади.
Асосий ўзгаришлар:
- 150 еврогача бўлган жўнатмалар учун божхона имтиёзи бекор қилинади.
- Рискларни таҳлил қилиш учун ягона Европа Божхона Агентлиги (EUCA) яратилади.
- Импорт учун жавобгарлик харидорлардан маркетплейсларга ўтказилади.
Шу билан бирга, ЕИ Шеин, Амазон, AliExpress ва Тему платформаларида контрафакт маҳсулотлар савдосини текширмоқда. 2024 йилда ЕИга 4,6 миллиард арзон жўнатмалар кирган бўлиб, уларнинг 90%дан ортиғи Хитойдан келган. Бу маҳаллий бизнес ва истеъмолчилар хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Марказий Осиёга қандай таъсир кўрсатади?
Марказий Осиё Хитой ва Европа ўртасидаги муҳим транзит йўлаги ҳисобланади. Европага маҳсулот экспорт қилаётган Марказий Осиё ишлаб чиқарувчилари ва экспортчилари ЕИнинг янги божхона қоидалари туфайли баъзи муаммоларга дуч келиши мумкин:
- Чегараларда текширувлар ошади – бу транспорт йўналишларига таъсир қилиб, етказиб бериш муддатларини узайтириши мумкин.
- Марказий Осиё етказиб берувчилари маҳсулотларини ЕИ стандартларига мувофиқлаштиришига тўғри келади.
Европа Иттифоқи ўз истеъмолчилари ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида импортга нисбатан янги талаблар жорий қилмоқда. Бу Марказий Осиё учун халқаро савдо стандартларига мослашиш ва рақобатбардош ишлаб чиқаришни ривожлантириш зарурияти ҳақидаги муҳим сигнал ҳисобланади.
#ЕИ #маркеплейс #БожхонаНазорати
