Ўзбекистон

Ўзбек брендлари Озарбайжон бозорида ўз ўрнини топмоқда

Ўзбек брендлари Озарбайжон бозорида ўз ўрнини топмоқда

1-июль куни Боку шаҳридаги “Турк савдо маркази”да “Маде ин Узбекистан” бренди остида доимий шоурум ўз эшикларини очди. Ушбу воқеа Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги дўстона ва амалий ҳамкорликни янги босқичга кўтаришга туртқи бўлмоқда.

Майдони 1500 м² бўлган ушбу замонавий майдонда тўқимачилик, чарм, қурилиш материаллари, электротехника, мебель ва бошқа йўналишлардаги юртимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар намойиш этилмоқда. Бугун бу маҳсулотлар озарбайжонлик харидорлар орасида тобора катта қизиқиш уйғотмоқда.

"Ўзқурилишматериаллари" уюшмаси ва "Окуглу Холдинг" ўртасидаги шартнома асосида, йил охиригача 1 миллион м² плитка ва керамик гранит Озарбайжонга экспорт қилинади. Бу нафақат икки томонлама савдо ҳажмини оширади, балки юртимиз маҳсулотларига янги экспорт эшикларини очади.

Шу билан бирга, сут маҳсулотлари, маиший кимё ва юқори кучланишли кабеллар соҳасидаги қўшма лойиҳалар ҳам фаол амалга оширилмоқда. Булар саноат кооперациясини мустаҳкамлаш билан бирга, икки мамлакат ишлаб чиқарувчилари учун кенг имкониятлар эшигини очади.

Олдинда эса – янги савдо йўналишлари, инвестициявий лойиҳалар ва албатта, кўплаб янгиликлар. Ўзбекистон брендининг Озарбайжондаги муваффақиятли фаолияти – минтақавий иқтисодий барқарорликка қўшилаётган муҳим ҳиссадир.

Батафсил ўқиш Президентлар Хонкендидаги қўшма тикув фабрикаси фаолияти билан танишди