Ўзбекистон

Ўзбекистон ИННОПРОМ–2025 халқаро саноат кўргазмасида фаол иштирок этди

Ўзбекистон INNOPROM–2025 халқаро саноат кўргазмасида фаол иштирок этди

Евроосиё минтақасидаги энг нуфузли саноат тадбирларидан бири — ИННОПРОМ–2025 халқаро кўргазмаси жорий йилнинг 7–10 июль кунлари Россиянинг Екатеринбург шаҳрида бўлиб ўтди. Унда дунёнинг 30 дан ортиқ мамлакатидаги етакчи компаниялар ўз инновацион маҳсулотлари ва технология ечимларини намойиш этди.

Ўзбекистон мазкур кўргазмада “Маде ин Узбекистан” миллий стенди орқали фаол иштирок этиб, тўқимачилик, чарм-пойабзал, махсус саноат кийимлари ҳамда экспортбоп маҳсулотларини тақдим қилди. Бу нафақат мамлакат саноати салоҳиятини намойиш этиш, балки янги ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ва маҳаллий маҳсулотларни халқаро бозорларга илгари суриш учун муҳим майдон бўлди.

🤝 Халқаро музокаралар ва янги ҳамкорликлар

Кўргазма доирасида ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар қатор хорижий компаниялар билан самарали музокаралар олиб боришди:

-Қозоғистоннинг КЛМЗ – ТОО “Макер” компанияси билан кон саноати учун махсус кийим-кечак ва пойабзал етказиб бериш масалалари муҳокама қилинди.

-Россиянинг “Теплофор” ва “Завод ГРИ” корхоналари билан техник ҳамкорликни йўлга қўйиш, оғир саноат шароити учун иссиқлик сақловчи ва чидамли матолар асосида маҳсулотлар ишлаб чиқиш юзасидан келишувларга эришилди.

-Россиялик машҳур дизайнерлар билан қоракўл хомашёси асосида эксклюзив коллекция ишлаб чиқиш, тайёр маҳсулотларни экспорт қилиш ва брендлаштириш масалалари муҳокама қилинди.

-ЭВРАЗЕН компанияси билан спорт клублари, мактаблар ва хусусий ташкилотлар учун корпоратив ва спорт кийимлари тикиш бўйича ҳамкорлик режалаштирилди.

-Велосипедлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган Даутов Брос бренди билан аутсорсинг асосида кийим-кечак, сумка ва аксессуарлар етказиб бериш юзасидан музокаралар олиб борилди.

Батафсил ўқиш · Маркетплейслар Теез — Қозоғистонда тез ривожланаётган миллий маркетплейс