Ўзбекистон ва АҚШ тарифлари: Тўқимачилик саноати учун чақириқлар ва имкониятлар

Фибре2Фашион нашридаги“Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмасининг халқаро алоқалар ва хорижий инвестициялар бўлими бошлиғи Исомиддин Мирзаев билан интервьюда АҚШнинг импорт божларининг киритилиши фонида Ўзбекистон тўқимачилик саноатининг бунга қандай жавоб бераётгани муҳокама қилинди.
Маълумки, АҚШ Ўзбекистон маҳсулотлари учун 10% миқдорида божхона божи жорий қилган. Дастлаб бу рақобатбардошликка салбий таъсир қилиши мумкиндек туюлади. Бироқ бошқа Осиё мамлакатлари билан солиштирилганда, Ўзбекистон учун белгиланган бож ставкалари нисбатан моъттадил саналади. Айрим давлатларда божлар 80% ва ундан ҳам юқори бўлса, Ўзбекистон учун бу кўрсаткич 49,5%–69,5% атрофида (асосий божлар ва ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда).
Бу енгилроқ тариф сиёсати Ўзбекистонга АҚШ бозорида бўшаб қолган сегментларни эгаллаш имконини беради. Шунингдек, Ўзбекистон пахтани хом ашёдан тайёр кийимгача тўлиқ қайта ишлаш занжирига эга бўлган ноёб давлатлардан биридир. Тўғри позицияланиш ва бренд кучини ошириш орқали Ўзбекистон маҳсулотлари Хитой ва бошқа юқори бож билан юзлашётган мамлакатларга муқобил излаётган америкалик чакана савдо тармоқларининг эътиборини тортиши мумкин.
Бироқ, бир қатор муаммолар ҳам мавжуд:
-Логистика: АҚШга етказиб бериш жуда қиммат (бир контейнер учун тахминан 11 минг доллар) ва бу жараён 50 кунгача вақт олади.
-Стандартлар: Маҳсулотларни халқаро бозорга олиб чиқиш учун сертификатлаш, барқарор ишлаб чиқариш ва сифат стандартларига мослик талаб этилади.
-Ҳажм чекловлари: Кўплаб ўзбек ишлаб чиқарувчилар йирик буюртмаларни бажара оладиган ҳажмда эмас.
-Ташқи хатарлар: АҚШдаги истеъмол талабининг пасайиши ёки савдо сиёсатини ўзгариши экспорт режаларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Ҳа, божлар муайян тўсиқларни келтириб чиқармоқда. Аммо айни пайтда Ўзбекистон учун ноёб рақобат устунлиги вужудга келмоқда. Агар тўқимачилик соҳаси қуйидагиларга эришса:
-Ишлаб чиқарувчиларни экспорт ҳажмларини консолидация қилиш учун бирлаштирса,
-Халқаро сертификатлаш ва сифат назоратига сармоя киритса,
-АҚШдаги чакана савдо тармоқлари билан тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйса,
у ҳолда ҳозирги йилига $2 млн.дан кам бўлган экспорт ҳажми яқин йилларда бир неча баробарга ортиши мумкин.
Соҳадаги мутахассисларга савол:
Сизнингча, Ўзбекистон бу тариф устунлигини узоқ муддатли стратегик афзалликка айлантириш учун энг муҳим ва устувор қадамлар сифатида нималарни амалга ошириши лозим?
