Ўзбекистонда экспортни ошириш ва тўқимачилик корхоналарини тиклаш бўйича топшириқлар берилди

Президент Шавкат Мирзиёев раислигидаги йиғилишда экспорт салоҳиятини ошириш ва тўқимачилик корхоналари фаолиятини тиклаш масалалари муҳокама қилинди.
Қайд этилишича, 2025 йилда Тошкент, Самарқанд, Андижон, Жиззах ва Бухоро вилоятларида импорт ҳажми экспортдан жами 5,6 миллиард АҚШ долларига юқори бўлган. Шунингдек, мамлакатдаги 47 та махсус иқтисодий зонанинг 29 таси йил бошидан буён умуман экспортни амалга оширмаган.
Йиғилишда кредит билан боғлиқ суд жараёнлари сабабли фаолияти тўхтаб қолган 16 та тўқимачилик корхонаси туфайли 5 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш ва 400 миллион АҚШ долларлик экспорт имконияти йўқотилаётгани таъкидланди. «Тошкент Коттон» корхонаси мисолида бундай корхоналарни тиклаш бўйича ижобий натижаларга эришилгани қайд этилиб, масъулларга қолган корхоналар фаолиятини тиклаш ва экспорт ҳажмини ошириш бўйича топшириқлар берилди.
