Ўзбекистонда енгил саноат соҳасида давлат ва бизнес ўртасидаги янги мулоқот формати

Енгил саноатдаги сўнгги ислоҳотлар фақатгина Агентлик ва Қўллаб-қувватлаш фонди ташкил этилиши билан чекланмайди. Асосий янгилик — Агентлик ҳузурида Жамоатчилик кенгашининг тузилгани бўлиб, унга Глобал Техтиле, Индорама Коканд Техтиле, Самарканд Аппарел, Султонтех Гроуп, Пенг Шенг Чарм каби етакчи маҳаллий ва халқаро компаниялар раҳбарлари киритилди.
Ушбу янги форматдан нима кутилмоқда?
* Муҳим қарорларни ишлаб чиқишда ишлаб чиқариш ва экспортнинг ҳақиқий эҳтиёжларини яхши биладиган бизнес вакилларининг иштирокини таъминлаш.
* Йирик ишлаб чиқарувчи ва экспорт қилувчи компанияларни бошқараётган тадбиркорларнинг тажрибаси, таҳлиллари ва амалий ечимлари.
* Қўллаб-қувватлаш чоралари самарадорлигини ошириш — бизнес тўғридан-тўғри мавжуд муаммолар ҳақида хабар бера олади: логистикадан тортиб, энергия тежамкорлиги ва халқаро брендларнинг талабларигача.
* Ҳар бир кичик соҳа — гиламчилик, чарм-пойабзал саноати, ипакчилик — алоҳида эътибор билан қамраб олинадиган комплекс стратегияни ишлаб чиқиш.
Умуман олганда, енгил саноат корхоналари учун Агентлик ташкил этилиши қуйидаги муаммоларни ҳал этишга хизмат қилади:
* Асосий харажатларни қоплаш: сертификатлаш, халқаро стандартларга мослаш, экспорт шартномаларини суғурталаш, ходимларни ўқитиш ва халқаро кўргазмаларда иштирок этиш — буларнинг барчаси компаниялар учун ташқи бозорларга чиқишдаги тўсиқларни камайтиради.
* Янги бозорларга чиқишда ёрдам: хорижда савдо уйлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, реклама кампаниялари ва брендларни тарғиб қилиш орқали.
* Глобал сифат ва шаффофлик стандартлари даражасида ишлаш имконияти: халқаро аккредитацияга эга замонавий лаборатория ташкил этилиши ва рақамли ечимлар (МАС тизимлари) жорий этилиши орқали.
Агентлик ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши ва ҳудудий лойиҳа офисларининг ташкил этилиши давлат ва бизнес ўртасида янги мулоқот каналларини очади. Бу бюрократик тўсиқлар хавфини камайтиради ва муаммоларни тезкор ҳал этишга имкон яратади.
Мазкур формат нафақат модернизация жараёнларини тезлаштириш, балки Ўзбекистоннинг енгил саноатини глобал қиймат занжирларига интеграция қилиш учун янги имкониятлар яратади.
