Ўзбекистон

Ўзбекистонлик компаниялар Алибаба платформасига чиқмоқда

Ўзбекистонлик компаниялар Alibaba платформасига чиқмоқда

Жаҳон банкининг "Э-ГАТЕ" дастури доирасида Ўзбекистондан 30 дан ортиқ компания Alibaba.com платформага киришга муваффақ бўлишди.

2023 йилдан бери Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистонда Жаҳон банки томонидан Буюк Британиянинг Ташқи ишлар, савдо ва тараққиёт вазирлиги (FCDO) молиявий кўмагида амалга оширилаётган Э-ГАТЕ дастури Марказий Осиёдаги кичик бизнесга глобал рақамли савдо тизимига қўшилиш ва аёлларни рақамли иқтисодиётда фаол иштирок этишини кенгайтиришга ёрдам беради.

Ушбу дастур доирасида Тошкентда электрон тижорат ва тадбиркорлик ассоциациялари, Жаҳон банки гуруҳи экспертлари ҳамда Алибаба, ДҲЛ, Леново, Жумиа, Узум, UzPost ва бошқалар вакиллари иштирокида минтақавий конференция ўтказилди. Тадбир Марказий Осиё мамлакатларида электрон тижоратни ривожлантириш масалаларига бағишланди.

Э-ГАТЕ дастурининг натижаларига кўра, минтақадан 83 та компания, шулардан 30 дан ортиғи Ўзбекистондан, Alibaba.com платформасига кириш имкониятига эга бўлди ва 70 дан ортиқ амалий тренингдан ўтди. Натижада, Ўзбекистон компаниялари Буюк Британия, БАА ва Янги Зеландияга тўқимачилик, ёнғоқ, қуритилган мевалар экспорт қилиш бўйича тахминан 5 миллион долларлик экспорт шартномаларини имзолади.

Дастур иштирокчилари томонидан тузилган умумий шартномалар ҳажми 23 миллион доллардан ошди, шундан 16 миллион доллари минтақа ичидаги битимларга тўғри келади.

Батафсил ўқиш Ўзбекистон ишбилармон ва тадбиркорлари Мозори-Шарифга таклиф этилмоқда