Россияда ҳам кийим-кечак ишлаб чиқариш ҳажмининг камайиши кузатилмоқда

Тўқимачилик ва тикивчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмининг пасайиш тенденцияси кўплаб давлатларда давом этмоқда. Бунга ишлаб чиқариш занжирларининг бузилиши, табиий офатлар, энергия нархларининг ошиши, ижтимоий ислоҳотлар ва сиёсий қарорлар сабаб бўлмоқда.
Масалан, Хитойда иш ҳақларининг ошиши, ички талабнинг сустлиги ва Жануби-Шарқий Осиё давлатларининг рақобати ишлаб чиқаришга салбий таъсир кўрсатмоқда.
Туркияда эса юқори инфляция ва ишлаб чиқариш харажатларининг ошиши, жумладан солиқ ва хомашё нархларининг кўтарилиши натижасида ишлаб чиқариш самарасиз ҳолга келган.
Россияда эса Федерал Давлат Статистика хизмати (Росстат) маълумотларига кўра, 2025-йил апрель ойида тикув саноатида пасайиш қайд этилган. Ҳусусан, кийим-кечак ишлаб чиқариш ҳажми 2024-йилнинг шу даврига нисбатан 6,3% га камайган.
Мутахассисларнинг фикрича, бу ҳолат мамлакатдаги иқтисодий вазият, ишлаб чиқариш харажатларининг ортиши ва ички талабнинг камайиши билан боғлиқ.
Шунингдек, тўқимачилик саноатида ҳам 1,9% лик пасайиш кузатилган.
Худди шундай салбий тенденция чарм саноатида ҳам мавжуд — чарм ва ундан тайёрланадиган маҳсулотлар, жумладан пойабзал ишлаб чиқариш ҳажми 9,4% га қисқарган.
