Россиянинг тўқимачилик экспорти 49% га ошди

Россия енгил саноатининг жаҳон бозорига чиқиш салоҳияти ошиб бормоқда. Шу билан бирга, ички бозордаги рақобат кучайиб, импорт ўрнини босувчи маҳсулотларга талаб ортиб бормоқда.
2025 йилнинг январь–апрель ойларида Россиянинг тўқимачилик, тайёр маҳсулотлар ва пойабзал экспорти ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 48,7% га ошиб, $900 миллионини ташкил этди. Бу ҳақда РИА "Мода" Росстат ва Федерал божхона хизматига таянилиб хабар берди.
Худди шу даврда Россияга ушбу маҳсулотларнинг импорти 1,7% га камайиб, $5,7 миллиардга тушди. Бу тенденция ички ишлаб чиқарувчиларнинг фаоллашаётгани, шунингдек, истеъмолчиларнинг миллий маҳсулотларга бўлган ишончи ортиб бораётганидан далолат беради.
Алоҳида эътиборга лойиқ жиҳат шундаки, тери хомашёси, мўйна ва улардан тайёр маҳсулотлар экспорти ҳам 2,6% га ошган. Бироқ ушбу маҳсулотларнинг импорти 5,2% га кўтарилган, бу эса юқори сифатли хомашё ва тайёр маҳсулотларга бўлган ички эҳтиёж сақланиб қолаётганини англатади.
Экспортдаги бундай ижобий динамика Россия ишлаб чиқарувчиларининг халқаро бозорлар билан интеграцияси кучайиб бораётганини ва улар рақобатбардош маҳсулотлар таклиф эта олаётганини кўрсатмоқда. Айниқса, собиқ СССР ҳудуди, Осиё ва Яқин Шарқ мамлакатларида Россия тўқимачилик маҳсулотларига бўлган талаб ортиб бормоқда.
