Сурхондарёда 250 иш ўрнига эга тикувчилик корхонаси ишга тушди

Сурхондарёда аҳоли бандлигини таъминлаш ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Сурхондарё вилоятининг Термиз туманида “Қумтех инвест” МЧЖ томонидан замонавий тикувчилик корхонаси фаолияти йўлга қўйилди. Корхона Термиз халқаро савдо марказининг аввал фойдаланилмай келган ертўла қисмида ташкил этилди.
Янги лойиҳа доирасида 250 та янги иш ўрни яратилди. Корхонада, айниқса, ногиронлиги бўлган хотин-қизларнинг бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, улар учун қулай ва инклюзив меҳнат шароитлари яратилди.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, мазкур корхона ҳудудда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини ошириш ва ишлаб чиқариш салоҳиятини кенгайтиришга хизмат қилади.
Бу каби лойиҳалар нафақат янги иш ўринлари яратиш, балки аҳоли фаровонлигини ошириш ва ҳудуд иқтисодий тараққиётини таъминлашда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.
