Дунёда

Тему: Францияда кийим-кечак бозорининг етакчисига айландими?

Теmu: Францияда кийим-кечак бозорининг етакчисига айландими?

Сўнгги йилларда онлайн савдонинг тез суръатларда ривожланиши натижасида кўплаб йирик платформалар глобал бозордаги мавқеини мустаҳкамлашга муваффақ бўлди. Улар орасида Хитойга тегишли Тему платформаcи ҳам бор бўлиб, яқинда Францияда кийим-кечак чакана савдоси бўйича энг йирик 15 та компания рўйхатига кирди.

2025-йилнинг биринчи ярми якунларига кўра, Тему савдо ҳажми бўйича Зарадан кейинги ўринни эгаллади. Онлайн савдо сегментида эса у тўртинчи ўринга чиқиб, фақат Винтед, Амазон ва Шеиндан ортда қолмоқда. Ушбу уч компания Франциядаги кийим-кечакнинг онлайн харидларининг 23 % ини ташкил қилмоқда.

Темуънинг жадал ўсиши француз истеъмолчиларининг харид одатларидаги ўзгаришлар билан изоҳланади. Харидорлар арзон, қулай ва тез етказиб бериладиган маҳсулотларга тобора кўпроқ эътибор қаратмоқда. Айниқса, 18–34 ёш оралиғидаги харидорлар ўз харидларининг асосий қисмини онлайн амалга ошириб, кийим-кечак бюджетига 17,5 % ини иккинчи қўл маҳсулотларга сарфлайди. 55 ёшдан ошган харидорлар эса асосан анъанавий дўконларни афзал кўришади.

Францияда кийим-кечак маҳсулотларининг 34 % и ҳали ҳам чегирмалар орқали сотилмоқда. Бироқ ёш авлод бундай таклифларга нисбатан камроқ қизиқиш билдирмоқда. Бу эса анъанавий брендларнинг рақамли платформалар билан рақобатда заифлашишига олиб келмоқда.

Айни пайтда Францияда “тез мода”га қарши қонун лойиҳаси муҳокама қилинмоқда. У Тему каби хорижий платформалар учун жиддий синов бўлиши мумкин. Шунга қарамасдан, компания Европа бозоридаги кенгайишини давом эттирмоқда.

Батафсил ўқиш АҚШ бозори: Тўқимачилик ва кийим-кечак импорти ўсмоқда