Тўқимачилик хомашёси импортига божлар бекор қилинди

19-январь куни Президент Шавкат Мирзиёев фармонига биноан 82 турдаги саноат хомашёси ва ярим тайёр маҳсулотларга импорт божлари бекор қилинди. Ушбу имтиёз 2027-йил 1-январгача амал қилади.
Божлардан озод қилинган маҳсулотлар рўйхати стратегик аҳамиятга эга бўлиб, асосан кимё, полимер ва тўқимачилик соҳаларини қамраб олади. Унга қуйидагилар киради:
* Бўёқлар ва реагентлар: органик ва текстиль бўёқлар, титан диоксид пигментлари, кўп пигментли пасталар, керамика учун шаффоф эмаллар.
* Полимерлар ва пластиклар: полипропилен, винилхлорид полимерлари, ацетат плёнкалар, нейлон тасма.
* Тўқимачилик хомашёси: жун, пахта ва зигир матолари, сунъий мўйна, синтетик иплар, тўк ва дантеллар.
Мазкур имтиёзли бож тартиби импорт харажатларини камайтириш ва ишлаб чиқариш саноатини, хусусан тўқимачилик ва кимё тармоқларини ривожлантиришга хизмат қилади.
Ушбу қарор тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш билан бирга, Ўзбекистон саноат маҳсулотларининг рақобатбардошлигини ошириш ва маҳаллий ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш имконини беради.
