УЗТЕХ ГРОУП: Наманганда жинси мато ишлаб чиқарувчи янги корхонани ишга туширди

Ўзбекистондаги йирик ва илғор тўқимачилик корхоналаридан бири бўлган “УЗТЕХ ГРОУП” компанияси Наманган вилояти Учқўрғон туманида замонавий “Учқўрғон текстил” МЧЖни ишга туширди.
Корхона деним (жинси) мато ишлаб чиқаришга ихтисослашган бўлиб, замонавий технологиялар асосида юқори сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Лойиҳа доирасида 10 миллион доллар инвестиция йўналтирилиб, 270 та янги иш ўрни яратилди.
Очилиш маросимида вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов ҳамда компания асосчиси Фарҳоджон Мамажонов иштирок этиб, саноатни ривожлантириш, янги иш ўринларини яратиш ва экспорт салоҳиятини ошириш борасидаги ишлар ҳақида фикр билдирдилар.
Мазкур корхона вилоятда саноат салоҳиятини ошириш, бандликни таъминлаш ва экспорт имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
