Чарм саноатини ривожлантиришда қандай ўзгартишлар киритилди?

Чарм саноатини янада ривожлантириш, тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида Президентнинг ПҚ–250-сон қарори қабул қилинди. Унга кўра, соҳа корхоналарига субсидиялар ва компенсациялар ажратиш, маҳаллий хомашёдан фойдаланишни рағбатлантириш ҳамда давлат харидларида қўшимча имтиёзлар бериш тартиби жорий этилди.
2026 йил 1 июлдан 2028 йил 31 декабргача:
- тайёр чарм ишлаб чиқарувчиларга ҳар бир дм² маҳсулот учун 350 сўм субсидия берилади;
- пойабзал ва чарм-атторлик корхоналарига ҳар бир янги модель учун 1 млн сўм (йилига 50 млн сўмгача) ажратилади;
- импорт қилинган пойабзал қолиплари қийматининг 50 фоизи белгиланган лимитлар доирасида қоплаб берилади;
- сув тозалаш учун харид қилинган кимёвий воситалар ва реагентлар харажатининг 50 фоизи компенсация қилинади.
2026 йил 1 сентябрдан давлат харидларида маҳаллий хомашёдан фойдаланиш, иш ўринлари яратиш ва миллий брендларга қўшимча балл ҳамда 15% гача нарх преференцияси берилади. Шунингдек, махсус пойабзаллар учун мувофиқлик сертификати ҳақидаги маълумотни давлат харидлари тизимида жойлаштириш талаби жорий этилади.
