“Фазман Техтиле”да талабалар тажриба орттирмоқда

Наманган вилоятида ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини ошириш ҳамда рақобатбардош кадрлар тайёрлаш мақсадида “Фазман Техтиле” корхонасида талабалар учун бизнес-саёҳат ташкил этилди.
Тадбир давомида ёшлар корхонанинг замонавий ишлаб чиқариш жараёнлари, илғор технологиялари ва иш фаолияти билан яқиндан танишдилар. Мутахассислар томонидан ишлаб чиқаришнинг турли босқичлари ҳақида батафсил маълумот берилиб, талабаларга амалий билим ва кўникмалар улашилди.
Шунингдек, иштирокчилар корхонада амалиёт ўташ, касбий тажриба орттириш ҳамда келгусида иш фаолиятини бошлаш имкониятлари юзасидан зарур маълумотларга эга бўлдилар. Бу эса уларнинг касбий дунёқарашини кенгайтириб, меҳнат бозорига пухта тайёргарлик кўришларига хизмат қилди.
Бундай ташаббуслар таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ёшларнинг бандлигини таъминлаш ҳамда малакали кадрлар захирасини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади. “Фазман Техтиле”да олинган амалий тажриба эса талабаларнинг келажакдаги касбий муваффақиятлари учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.
