Ўзбекистон тўқимачилиги учун - Лондон ва Варшавада 1 минг кв.м.лик савдо уйлари очилиши кутилмоқда

2025 йил 16-сентябр куни Президент Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига ташриф буюриб, вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.
Йиғилишда таъкидланишича, Наманганда тўқимачилик саноати жадал ривожланмоқда — саноат маҳсулотларининг учдан бири ва вилоят экспортининг ярми айнан шу соҳа ҳиссасига тўғри келади. Шунингдек, Наманган республикада бренд билан ишлаш бўйича етакчи ҳудуд сифатида эътироф этилди.
Тўқимачилик соҳасидаги ҳамкорлик ва инвестицияларни кенгайтириш мақсадида яқин ойларда вилоятда махсус лойиҳа офиси очилади. Халқаро сертификатларга эга корхоналар сони 50 тага етказилиши кўзда тутилмоқда.
Энг муҳими, Варшава (Полша) ва Лондон (Буюк Британия) шаҳарларида камида 1 минг квадрат метр майдонга эга бўлган савдо уйлари ташкил этилиши режалаштирилган. Бу орқали ўзбек тўқимачилик маҳсулотларини Европа бозорларига чиқариш ва экспорт ҳажмини ошириш мақсад қилинган.
Йиғилишда билдирилишича, жорий йил охиригача тўқимачилик маҳсулотлари экспортини 500 миллион долларга етказиш, келаси икки йилда эса 1 миллиард долларлик 25 та йирик лойиҳани амалга ошириш имконияти мавжуд.
