Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотлари илк бор ЖАРдаги халқаро кўргазмада

“Дунё” АА хабарига кўра, 2026 йилнинг 14–16 июль кунлари Жанубий Африка Республикасининг Кейптаун шаҳрида бўлиб ўтган “AllFashion Sourcing Cape Town 2026” халқаро кўргазмасида Ўзбекистон илк бор миллий тўқимачилик маҳсулотлари билан иштирок этди.
Кўргазма 12 мамлакатдан қарийб 3 минг иштирокчини бирлаштирди. Унда 150 га яқин компания ўз маҳсулот ва хизматларини тақдим этди. Ўзбекистон павильонида мамлакатимизнинг 10 га яқин тўқимачилик корхонаси, жумладан, “Моллис”, “Бонито Техтилес” ва “Султонтех” корхоналари иштирок этди.
Тадбир доирасида Жанубий Африканинг йирик компаниялари вакиллари билан учрашувлар ўтказилиб, Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотлари экспортини кенгайтириш ва савдо ҳамкорлигини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Мазкур иштирок миллий тўқимачилик маҳсулотларининг халқаро бозорлардаги рақобатбардошлигини ошириш ва экспорт географиясини кенгайтиришга хизмат қилади.
