Ўзбекистонлик дизайнерлар Италиядаги “Медитерранеан Фашион Week”да ўз коллекцияларини намойиш этди

Ўзбекистонлик дизайнерлар Италиянинг Бриндизи шаҳрида бўлиб ўтган нуфузли “Медитерранеан Фашион Week” халқаро мода ҳафталигида миллий руҳдаги, замонавий услубда яратилган коллекциялари билан иштирок этишди. Тадбир Европа, Осиё, Лотин Америкаси ва Яқин Шарқдан келган таниқли дизайнерларни бир саҳнада бирлаштирди.
Бу иштирок мамлакатимиз мода соҳасининг халқаро майдондаги мавқеини яна бир бор намоён этди. Ўзбек дизайнерлари тақдим этган либослар миллий анъаналар ва замонавий тенденцияларнинг уйғунлиги билан ажралиб турди ва томошабинлар томонидан илиқ қарши олинди.
Мода ҳафталигидаги иштирок МОДИ – Марказий Осиё Дизайнерлар Иттифоқи ва Ўзбекистоннинг Италиядаги элчихонаси кўмагида ташкил этилди. Ушбу ташаббус дизайнерларимизга жаҳон аудиториясига чиқиш, ижодий тажриба алмашиш ва халқаро ҳамкорлик имкониятларини очди.
МОДИ раҳбари, Олмазор тумани Кенгаши депутати Камола Гулямова бошчилигида олиб борилаётган ишлар Ўзбекистон брендларини илгари суриш, маданий имиджни мустаҳкамлаш ва креатив саноатни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
