“Тепло Сторе” – Лондондаги ўзбек бутиги

Лондонда Ўзбекистоннинг миллий кийимлари ва аксессуарлари сотиладиган биринчи бутик – “Тепло Сторе” очилди.
“Тепло Сторе” тарихининг боши Тошкентда бошланади. Тадбиркор ва ёш дизайнер Чарос Камалова 2022 йилда бу ерда 100 дан ортиқ маҳаллий ижодкорлар учун майдон яратган эди.
Эндиликда, Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан бўлган дизайнерлар ва ҳунармандлар ишларини нафақат лондонликлар, балки шаҳарга келган сайёҳлар ҳам кўриш имконига эга бўлишди. Қолаверса, дўкон илк иш соатлариданоқ меҳмонлар эътиборини тортди.
Бутик коллекциясида замонавий кийимлар, сумкалар, декор буюмлари ва бошқа кўплаб маҳсулотлар мавжуд бўлиб, улар анъанавий услубларда — икат, сузана, керамика ва бошқа техникаларда тайёрланган.
Бутикнинг очилиши “Ипак йўлидан Сохогача” номли кенг кўламли кампания доирасида бўлиб ўтди ва бу Британиядаги ОАВнинг ҳамда кенг аудиториянинг қизиқишини уйғотди.
Чароснинг ўзи ҳозирда Лондон Мода Коллежида таҳсил олмоқда ва ўз ғоялари ҳамда лойиҳалари орқали маҳаллий бизнес ривожига, шунингдек, Ўзбекистоннинг ноёб маданиятини тарғиб қилишга ҳисса қўшмоқда.
